Kitob haqida



Ўткан кунлар

Абдулла Қодирий

Модомики,  биз  янги  даврга  оёқ  қўйдик,  бас,  биз  ҳар  бир  йўсунда  ҳам  шу  янги  даврнинг янгиликлари  кетидан  эргашамиз  ва  шунга  ўхшаш  достончилиқ,  рўмончилиқ  ва ҳикоячилиқларда  ҳам  янгаришға,  халқимизни  шу  замоннинг «Тоҳир-Зуҳра»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳод-Ширин»  ва «Баҳромгўр»лари  билан  танишдиришка  ўзимизда мажбурият ҳис этамиз. 
Ёзмоққа  ниятланганим  ушбу — «Ўткан  кунлар»,  янги  замон  рўмончилиғи  билан  танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси, бир ҳавасдир. Маълумки, ҳар бир ишнинг ҳам янги 
— ибтидоий даврида талай камчилик-лар билан майдонға чиқиши, аҳлларининг етишмаклари ила  секин-секин  тузалиб,  такомулга  юз  тутиши  табиий  бир  ҳолдир.  Мана  шунинг  далдасида ҳавасимда  жасорат  этдим,  ҳаваскорлик  орқасида  кечатурган  қусур  ва  хатолардан  чўчиб турмадим. 
Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан, яқин ўткан кунлардан,  тари-химизнинг  энг  кирлик,  қора  кунлари  бўлған  кейинги «хон  замонлари»дан белгуладим.